Metnin ilk sayfaları. Tamamını okumak için yukarıdaki kitabı açın.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Оилавий муносабатларга оид аҳком ва одоблар
Муқаддима
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз,
Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимиз шумлиги ва амалларимиз ёмонлигидан
Унинг ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кишини ҳеч ким адаштира
олмайди, адаштирган кимсани ҳеч ким ҳидоят қила олмайди. Ягона, шериксиз
Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг
бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик берамиз.
Шубҳасиз, барча яхшилик, ҳақиқий бахт-саодат, нажот, саломатлик ва
рушд-ҳидоят Аллоҳнинг китоби Қуръон ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг суннатларига эргашишдадир. Аллоҳга ва охират кунига иймон
келтирган ақлли киши бунга асло шубҳа қилмайди, иккиланмайди. Аллоҳ
таоло айтади: “Биз Лавҳул Маҳфузда бирорта ҳам нарсани қолдирмасдан,
барчасини битиб қўйганмиз” (Анъом, 38).
Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида: “Бу Қуръон ҳидоятдир” (Жосия, 11), деди.
Яна: “Ушбу Қуръон барча одамлар учун очиқ-равшан кўрсатмалардир,
Аллоҳдан нозил қилинган Китоб эканига иймон келтирадиган қавм учун
ҳидоят ва раҳматдир” (Жосия, 20), деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари Аллоҳнинг
китобига асосланган бўлиб, у зотнинг сўзлари ваҳийдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло
бундай деган: “У нафси ҳавосидан келиб чиқиб гапирмайди. У айтаётган оят
ва ҳадислар унга туширилаётган бир ваҳийдир, холос. Унга бу ваҳийни куч-
қудрат соҳиби бўлган ва ўта хушсурат фаришта Жаброил таълим берди”
(Нажм, 3-5).
Шундай бўлгач, яхшиликка ҳарис бўлган ҳар бир инсон Аллоҳнинг
китобидан ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан имкон
қадар кўпроқ насибадор бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун Қуръон
ва ҳадисни тушунишга, ҳар бир оят ва ҳадисни ўзига муносиб ўринга қўйишга
ёрдам берадиган илмларни ҳам таълим олиши керак бўлади. Ана шунда
Аллоҳ азза ва жалланинг: “Аллоҳ ҳикматни – сўз ва амалда тўғриликка
муваффақ бўлишни – Ўзи истаган бандаларига беради. Аллоҳ кимга ҳикмат
ато этган бўлса, у инсонга кўп яхшилик берилибди” (Бақара, 269) оятининг ва
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода
қилса, уни динда билимдон қилиб қўяди”1 ҳадиси шарифларининг аҳамияти
юзага чиқади.
1 Бухорий (71) ва Муслим (1037) Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Аллоҳ таоло қайси бандасига Қуръон ва ҳадис илмини насиб этган бўлса ва
у саҳиҳ ҳадисларни заиф ё тўқима ҳадислардан ажрата олса, Қуръон ва ҳадис
билимдони бўлиш билан бирга ихлосли ҳам бўлса, барча яхшиликларни қўлга
киритган, икки дунё бахт-саодатига эришган бўлади. Қолаверса, одамлар
билан ҳам яхши муносабатда бўла олади. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ
саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини яхши билиш, унга амал қилиш
ҳаётнинг барча жабҳаларида бандани Аллоҳга яқин қиладиган муваффақият
гаровидир.
Ҳурматли ўқувчи, қўлингиздаги ушбу китобда ҳар бир шахс билиши лозим
бўлган, истаса-истамаса ҳаёти мобайнида унга эҳтиёжи тушадиган мавзу
ҳақида сўз кетади. Бу мавзу ота ва ўғилга, она ва қизга, эр ва хотинга, хуллас
барчага бирдек муҳим мавзудир. Ҳар бирининг бу мавзуга алоқадорлиги бор,
ҳар бири навбати билан унга тўқнаш келади. Бу мавзу “Оилавий
муносабатларга оид аҳком ва одоблар” мавзусидир.
Бир-бирларида ҳаққи бўлган ҳар бир оила аъзоси буни яхши билиб олиши,
бошқалар билан Қуръон ва суннат ёғдуси ҳамда салафи солиҳлар сийрати
асосида муомала қилишни ўрганиши, рушду ҳидоятли ва ибратли ҳаёт
кечириши ва жаннатга олиб борувчи тўғри йўлда юришини орзу этиб, шу мавзу
эшигини қоқдим.
Аввало, ўзимни ва қолаверса ҳар бир ўқувчини Аллоҳга кўп истиғфор
айтишга тарғиб қиламан. Чунки гуноҳ бандани фаҳмлашдан тўсиб қўяди. Абу
Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, маъсият қалбга доғ
туширади: “Банда бир гуноҳ иш қилса, қалбига битта қора нуқта тушади.
Агар тавба қилса ва истиғфор айтса, қалби сайқалланади. Гуноҳи кўпайса,
қора нуқта ҳам кўпаяди. Бора-бора гуноҳлар қалбини қоплаб олади. Аллоҳ
таоло Қуръонда бунга ишора қилиб, бундай деган: "Иш улар ўйлагандек
эмас. Балки гуноҳларининг кўплигидан пайдо бўлган занг уларнинг
қалбларини қоплаб олган" (Мутаффифин, 14)”1.
Гуноҳ-маъсиятлар мусибат етишига ва неъматлар заволига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло деди: “Эй одамлар, сизларга бирон мусибат етган бўлса, ўзингиз
қилган гуноҳу маъсиятларингиз сабабли етган” (Шўро, 30).
Бошқа оятда бундай деди: “Яҳудлар улкан гуноҳларга қўл уриш билан
қилган зулмлари ҳамда ўзларини ва ўзгаларни Аллоҳнинг ҳақ динидан
тўсишлари сабабли Аллоҳ таоло илгари улар учун ҳалол бўлган
егуликларнинг баъзиларини уларга ҳаром қилди” (Нисо, 160).
Аллоҳнинг китобини ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
ҳадисларини тушунмаслик мусибатдир. Аллоҳ таолодан тақво қилиш эса илм
ҳосил бўлишига ва уни англаб етишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло деди:
1 Аҳмад (2/297) ҳасан санад билан ривоят қилган.
“Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларга дунёю охиратингизни ислоҳ қилувчи
жамики нарсаларни таълим беради” (Бақара, 282).
Азиз ўқувчи, бу китобни мутолаа қилар экансиз, Пайғамбаримиз
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот ва саломлар айтишни
унутманг. Хусусан, номи шарифлари келганда, ҳадисларини ўқиганингизда
албатта салавот айтинг. Биз айтган салавоту саломларни Расулуллоҳ
саллаллоҳу алайҳи ва салламга етказиб турадиган Аллоҳнинг фаришталари
бор. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий
саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким менга бир марта салавот
айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот йўллайди”1.
Аллоҳ
таолодан
бу
китобни
аввало
ўзимга,
қолаверса
барча
мусулмонларга манфаатли қилишини сўрайман. Эр-хотин ўртасидаги ва
умуман оиладаги келишмовчиликлар барҳам топиб, оилавий тотувлик, бахт-
саодат ҳукм суришини Аллоҳдан дуо қилиб сўраман. Аллоҳ ниятларимизни
билади, тавфиқ ва ҳидоят Унинг қўлида, Ўзи тўғри йўлга йўлласин. Аллоҳга
таваккул қилдим.
Пайғамбармизга, у зотнинг оилалари ва асҳоби киромларига салавот ва
саломлар бўлсин.
Абу Абдуллоҳ Мустафо Адавий
Эр хотинига раҳбардир
Аллоҳ таоло деди: “Эркаклар аёллари устидан раҳбардир” (Нисо, 34).
Ҳар бир оилани бошқариб турувчи, ишларини тартибга келтирувчи, асраб-
авайлаб, оила учун жон куйдирувчи устуни, раҳбари бўлиши керак. Бу раҳбар
модомики гуноҳга буюрмас экан, унга қулоқ солиб, итоат этиш оила
аъзоларига лозим ва лобиддир. Оиладаги раҳбар эркак, яъни эр ва отадир,
уни бу мансабга Аллоҳ таолонинг Ўзи тайин этган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло
айтган: “Эркаклар Аллоҳ уларга ато этган устунлик ва раҳбарлик
хусусиятлари, шунингдек маҳр ва нафақаларни бериб турганлари туфайли
аёлларга йўл-йўриқ кўрсатувчи ва уларни ўз қарамоқларида муҳофаза
қилиб турувчидирлар” (Нисо, 34).
Эрнинг хотин устидаги раҳбарлиги Аллоҳ таоло айтганидек икки нарса
билан белгиланди:
Биринчи:
а) Эркаклар аёллардан ортиқ қилингани, яъни Аллоҳ таоло эркакларни
аёлларга нисбатан асли хилқатларида қувватли, сабр-бардошли ва ақлли
қилиб яратгани;
1 Муслим ривояти, 4/127.